Счет фактурани тақдим этиш
Тадбиркорлик субъектлари, қоида тариқасида, товарларни ва хизматларни реализация қилишда харидорга счет фактурани тақдим этиши шарт. Счет фактурада товар ва хизматларнинг қиймати миллий валюта - сўмда кўрсатилади.
Счет фактура электрон шаклда faktura.soliq.uz каби ахборот тизимлари орқали расмийлаштирилади.
Тақдим этилган счет фактура 10 календарь кун ичида (рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар бўйича эса 1 календарь кун ичида) харидор томонидан тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши шарт. Белгиланган муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган счет фактура харидор томонидан тасдиқланган ҳисобланади.
Қуйидаги ҳолларда харидорга счет фактура тақдим этиш талаб қилинмайди:
- товар ва хизматлар учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг банк карталари орқали амалга оширилган ҳолларда назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда
- қатъий белгиланган бланкалар бўйича квитанция тақдим этилганда (квитанциялар назорат-касса техникаси таъмирлашга топширилганда ёки савдо шахобчасида электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади)
- товарлар экспорти бўйича божхона юк декларациялари расмийлаштирилганда
- товарлар текинга оммавий тарқатилганда
- ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда
- кўрсатилган коммунал ва алоқа хизматлари учун банк орқали тўловлар амалга оширилганда
- Ўзбекистонда электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахслари томонидан
Юқорида кўрсатилган счет фактура тақдим этилмайдиган ҳолатларда, етказиб берувчи ҳар календарь ой якуни билан бир марта умумлаштирилган бир томонлама счет фактурани шакллантиради. Мазкур талаб товарлар экспорти бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Акциз солиғи тўловчилари счет фактурада акциз солиғи ставкаси ва акциз солиғи суммасини кўрсатишлари шарт. Товар ва хизматлар бюджет ташкилотларига етказиб берилганда счет фактурада биржа савдосининг лот рақами кўрсатилиши шарт.
Агар товарлар текинга берилса, счет фактурада "тўловсиз" деган ёзув киритилади. Агар товарлар устав капиталига қўйилма сифатида берилса, счет фактурада "устав фондига қўйилма" ёзуви киритилади.
Агар ижара шартномасига мувофиқ электр ва иссиқлик энергияси, коммунал хизматлар ижарага олувчи томонидан қопланиши лозим бўлса, ижарага берувчи томонидан етказиб берувчилардан олинган электр ва иссиқлик энергияси, коммунал хизматлар бўйича счет фактуралар ижарага олувчига берилади.
Счет фактурани расмийлаштириш муддатлари
Счет фактура товарлар жўнатилган ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади.
Товар ёки хизматлар корпоратив банк карталаридан тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда, счет фактура харидорнинг талабига кўра календарь ойнинг охирги санасига қадар товар ёки хизматлар амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилиши шарт.
Товар ва хизматлар доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган холларда счет фактура календарь ойнинг сўнгги куни билан мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади. Бунда, счет фактура кейинги ойнинг 10-чи кунига қадар харидорга жўнатилади.
Қурилишида, шунингдек, узоқ муддатли шартномалар тузилганда, агар шартнома шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса ҳам, счет фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги кунида тақдим этилади.
Счет фактурани расмийлаштириш бўйича белгиланган муддатнинг охирги куни қонунчиликка мувофиқ дам олиш ёки иш куни бўлмаган кунга тўғри келса, кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.
Бир томонлама счет фактура
Товар ёки хизматлар счет фактура тақдим этмаган ҳолда реализация қилинганда етказиб берувчи ҳар календарь ой якуни билан бир марта умумлаштирилган бир томонлама счет фактурани шакллантиради.
Шунингдек, қуйидаги даромадларга бир томонлама счет фактура расмийлаштирилади:
- узоқ муддатли шартномалар бўйича даромадлар
- дивидендлар ва фоиз тарзида олинган даромадлар
- текинга олинган мол-мулк
- асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар
- инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча товар-моддий захиралари
- валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошиши
- шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар, шунингдек зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари
- илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромадлар
- мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган ҳамда талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромадлар
Жўнатилган счет фактурага тузатиш киритиш
Қуйидаги ҳолларда, жўнатилган счет фактуранинг етказиб бериш нарҳини камайтириш ёки кўпайтириш мақсадида, қўшимча счет фактура расмийлаштиришга йўл қўйилади:
- товарлар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда
- кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда
- битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан, жўнатилган товарларнинг, кўрсатилган хизматларнинг нархи ёки сони (ҳажми) ўзгарганда
- товар ёки хизматларга сотувчи томонидан чегирмалар берилганда
Қўшимча счет фактура бирламчи счет фактура тақдим этилган санадан бошлаб 1 йиллик муддат доирасида расмийлаштирилиши мумкин. Кафолат муддати белгиланган товарлар ва хизматлар бўйича, қўшимча счет фактура кафолат муддати доирасида расмийлаштирилиши мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда илгари ёзиб берилган счет фактура бекор қилинади ва унинг ўрнига харидор томонидан тасдиқланадиган тузатувчи счет фактура расмийлаштирилади:
- хатоларни тузатиш натижасида солиқ базаси ўзгарган тақдирда
- илгари ёзиб берилган счет фактурада хатолар аниқланиб, унга ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш зарур бўлганда
Счет фактуралар тизимидаги носозлик
Электрон счет фактуралар ахборот тизимида техник носозликлар юзага келганда счет фактура қоғоз шаклида расмийлаштирилади.
Техник носозлик хизмат кўрсатувчи тизим оператори томонидан расман тасдиқланган бўлиши лозим ва счет фактуралар кейинчалик тизимдаги носозликлар бартараф этилгандан сўнг 5 кун ичида электрон шаклда счет фактуранинг қоғоз шаклида кўрсатилган сана билан киритилиши шарт.
Счет фактура қоғоз шаклда расмийлаштирилса камида 2 нусхада тузилади ва улардан бири товар ёки хизматларни сотиб олувчига тақдим этилади.
Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.