TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Солиқ тўловчи ва солиқ органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Барча мақолалар

Солиқ тўловчининг ҳуқуқлари

Солиқ тўловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • солиқ органларидан амалдаги солиқлар, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, солиқларни ҳисоблаш тўғрисида ахборотни, солиқ ҳисоботи шаклларини, шунингдек уларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни бепул олиш
  • ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни олиш
  • солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этиш
  • солиқлар, пенялар ва жарималарнинг ортиқча ундирилган суммаларини ўз вақтида қайтаришни талаб қилиш
  • белгиланган тартибда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш
  • ўз ҳудудида ўтказиладиган сайёр солиқ текширувини ва солиқ аудитини ўтказишда иштирок этиш
  • сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити материаллари билан танишиш, шунингдек ушбу текширувларнинг далолатномаларини олиш
  • солиқ органлари ҳамда мансабдор шахсларининг солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлмаган талабларини бажармаслик
  • солиқ органлари қарорлари ҳамда мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш
  • солиқ органлари қонунга хилоф қарорлари ҳамда мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш
  • солиқ сирига риоя этишни талаб қилиш

Солиқ тўловчининг мажбуриятлари

Солиқ тўловчи қуйидаги мажбуриятларга эга:

  • солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш
  • ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки тушунтиришлар бериш зарурияти тўғрисида чақирув хатини олганида солиқ органига келиш
  • товар ва хизматларни реализация қилишда харидорга счет фактураларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш
  • солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органининг мансабдор шахсларига солиқларни ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар билан танишиш имкониятини таъминлаш
  • солиқ органи қонуний талабларини бажариш, мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик
  • солиқ ҳисоботларининг ва солиқларни ҳисоблаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг 5 йил мобайнида бут сақланишини таъминлаш
  • Ўзбекистондаги компаниялар ҳамда чет эл компанияларидаги улушли иштироки тўғрисида солиқ органини хабардор этиш (агар устав фондидаги улуши 10% дан ортиқ бўлса)

Солиқ органи ҳуқуқлари

Солиқ органи қуйидагиларга ҳақли:

  • солиқ тўловчилардан солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишини талаб қилиш
  • ўрнатилган тартибда солиқ текширувлари ва бошқа солиқ назорати тадбирларини ўтказиш
  • солиқ тўловчининг ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа даромад олиш учун фойдаланиладиган жойларини кўздан кечириш
  • мол-мулкни инвентаризация қилиш
  • кассани ва товар-моддий бойликлар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган жойларни 2 кундан ортиқ бўлмаган муддатга муҳрлаш (2 кундан ортиқ муддатга эса, суд қарори бўйича)
  • фото- ва видеотасвирга тушириш, тушунтиришлар ҳамда бошқа маълумотларни олиш
  • солиқ тўловчи ҳисоб ҳужжатларини йўқотган ёки йўқ қилган ҳолларда солиқлар суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлаш
  • солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўриш
  • солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва молиявий санкциялар қўллаш
  • солиқ тўловчиларга нисбатан ноқонуний олинган маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисида судларга даъволар киритиш
  • ҳужжатларнинг давлат тилига таржима қилинишини талаб қилиш
  • солиқ тўловчиларни ёзма билдириш асосида солиқ органларига тушунтиришлар беришга чақириш
  • ўрнатилган тартибда солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва уларнинг мол-мулкини хатлаб қўйиш
  • солиқ тўловчилар ва уларнинг вакилларидан қонунчилик бузилишларини бартараф этишни талаб қилиш ҳамда ушбу талабларнинг бажарилишини назорат қилиш

Солиқ органи мажбуриятлари

Солиқ органи қуйидаги мажбуриятларни бажариши лозим:

  • солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши
  • солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маълумот бериши, шунингдек ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисида хабардор қилиши
  • солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонунчиликни ижро этишида ёрдам бериши, солиқ тўғрисидаги қонунчилик нормаларини ва солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини тушунтириши
  • солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни ўрганиши
  • солиқ сирига риоя этиши ва унинг сақланишини таъминлаши
  • солиқ тўловчининг талабига биноан солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятининг бажарилиши юзасидан солиштирма далолатнома тузиши
  • тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан норезидентларни ҳисобга олиши, уларга солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамини бериши
  • солиқ тўловчининг талабига биноан унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани бериши
  • солиқ тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Молия вазирлигининг ёзма тушунтиришларига амал қилиши

Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.