TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Солиқ тўлашдан қочиш ва солиқ текширувлари
Барча мақолалар

Солиқ аудити

Солиқ аудити муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текширишдан иборат. Солиқ аудити юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига нисбатан ўтказилади.

Солиқ аудити охирги ўтказилган солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин, лекин бу муддат сўнгги 5 йилдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида 30 календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади. Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати кўрсатилади.

Қоида тариқасида, солиқ аудити 30 кундан ортиқ давом этмайди. Солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати 2 ойгача, алоҳида ҳолларда эса 3 ойгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ текширувини мансабдор шахсларининг текширилаётган шахснинг ҳудудига ёки биносига кириши ушбу шахслар томонидан хизмат гувоҳномалари ва солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи тақдим этилган тақдирда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти солиқ органининг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:

  • текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда
  • текширув Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома текширувчи шахсда мавжуд бўлмаганида

Ҳудудни ва биноларни кўздан кечириш видеотасвирга олинган ҳолда амалга оширилади, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса — холислар иштирокида амалга оширилади.

Солиқ аудити натижаларига кўра солиқ органи мансабдор шахслари томонидан солиқ аудити далолатномаси тузилиши керак. Солиқ аудити далолатномасининг барча нусхалари солиқ органининг солиқ аудитини ўтказган мансабдор шахслари томонидан имзоланади. Солиқ аудити далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига текширув тугаганидан кейин 3 кун ичида топширилади.

Солиқ тўловчи далолатноманинг нусхаларига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт. Солиқ тўловчининг солиқ аудити далолатномасидаги имзоси унинг солиқ аудити натижаларига розилигини билдирмайди.

Солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасида баён этилган фактларга ёки текширувчиларнинг хулосаларига рози бўлмаган тақдирда, солиқ аудити далолатномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида солиқ органига мазкур далолатнома бўйича ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.

Солиқ органи томонидан жўнатилган хабарлар

Солиқ органи ҳужжатларни электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг my.soliq.uz шахсий кабинетига юборади. Юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқилгандан кейин, лекин жўнатилган санадан эътиборан 3 кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетига кириш электрон рақамли имзо воситасида амалга оширилади. Электрон рақамли имзо солиқ тўловчига давлат хизматлари маркази орқали берилади.

Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар буюртма хат қилиб почта орқали юборилади ва улар жўнатилганидан сўнг 5 кундан кейин солиқ тўловчи томонидан олинган деб ҳисобланади.