TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Солиқ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш
Барча мақолалар

Солиқ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби

Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, шу солиқ бўйича тегишлича бир йўла ёки босқичма-босқич қарз суммасини тўлаган ҳолда, ушбу солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришдан иборатдир.

Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш 1 йилдан ошмаган муддатга берилади. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти 2 йилгача муддатга берилиши мумкин.

Ваколатли органнинг қарорига кўра солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин.

Қуйидаги ҳолатларда солиқни тўлаш муддати ўзгартирилиши мумкин эмас:

  • солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлса
  • солиқ тўловчи солиқ солиниши лозим бўлган ўз пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини яширишини ёки доимий яшаш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетишини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса
  • олдинги 3 йил мобайнида илгари берилган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса
  • банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса
  • солиқ тўловчи юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган бўлса

Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун ваколатли органга ариза билан мурожаат қилинади. Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан ариза олинган кундан эътиборан 30 кун ичида қабул қилинади.