Ижтимоий солиқ ва уни тўловчилар
Ижтимоий солиқни тўловчилар деб қуйидагилар эътироф этилади:
- Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар
- фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширувчи оила аъзолари
- Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи чет эл компаниялари
Иш берувчининг ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари суммаси ижтимоий солиққа тортилади.
Ижтимоий солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан ҳар ойда, кейинги ойнинг 15-чи кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этилади. Солиқни тўлаш солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширувчилар ижтимоий солиқни тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 15-чи кунидан кечиктирмай тўлашади.
Ижтимоий солиқ ставкаси
Тадбиркорлик субъектлари 12% ставкада ижтимоий солиққа тортилади. Бюджет ташкилотлари учун ижтимоий солиқнинг ставкаси 25% этиб белгиланган.
Ихтисослаштирилган цехлар ва корхоналарда ишловчи ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланувчи солиқ тўловчилар 4.7% ставкада ижтимоий солиққа тортилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий солиқни ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда (375.000 сўм) тўлайди.
Фаолиятни оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширувчи, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси ижтимоий солиқни ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда (375.000 сўм) тўлайди. Бошқа оила аъзолари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50% миқдорида (187.500 сўм) тўлайди.
Ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқ тўловчилар
Қуйида келтирилган шахслар меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқ тўлашлари мумкин:
- ўзини ўзи банд қилган шахслар
- шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёки мазкур майдонда чорвачилик, иссиқхона хўжалиги, паррандачилик, боғдорчилик, гулчилик билан шуғулланаётган шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг оила аъзолари
- деҳқон хўжалигининг аъзолари ва деҳқон хўжалигида банд бўлган шахслар
- меҳнат шартномаси асосида чет элда ёлланиб ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари
- Ўзбекистон давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан чет давлатларда ташкил этилган ваколатхона ва ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари
- ишламайдиган эри (ёки хотини) учун солиқ тўловини амалга оширувчи ишлаётган фуқаролар
Юқорида келтирилган шахслар томонидан ижтимоий солиқ йилда бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 1 баравари миқдорида (375.000 сўм) тўланади.
Ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқ тўловчилар ҳисобот йилининг 1 декабригача солиқ тўловини амалга оширишади.
Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.