TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Фаолиятни тугатиш ва банкротлик
Барча мақолалар

Банкротлик

Тадбиркорлик субъектининг кредиторлар талабларини қондиришга қурби етмаса, суднинг қарорига мувофиқ у ночор (банкрот) деб ҳисобланиши мумкин. Банкрот деб ҳисобланиши тадбиркорлик субъектининг тугатилишига олиб келади.

Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.

Қарздор тадбиркорлик субъектининг раҳбари қуйидаги ҳолларда қарздорга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этиши шарт:

  • бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса
  • қарздорнинг мол-мулкига қаратилган ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўйиши ёки бошқа кредиторлар талаблари қаноатлантирилмаслигига олиб келиши мумкин бўлса

Ариза юқорида назарда тутилган ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай судга юборилиши керак.

Банкротлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ҳимоя қилади. Суд банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган кундан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қаноатлантириш мақсадида якка тартибда мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Банкротлик тўғрисидаги иш суд мажлисида банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Ишни кўриш алоҳида ҳолларда 1 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши қарздор фаолиятини тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади. Тадбиркорлик субъектини тугатишга доир иш юритиш муддати 12 ойдан ошиши мумкин эмас.

Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.