TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Мол-мулк ва ер солиғи
Барча мақолалар

Ер солиғи

Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ер солиғини тўловчилар деб эътироф этилади.

Ер участкаларидан фойдаланганлик учун бюджетга тўловлар ер солиғи ёки ер учун ижара тўлови тарзда амалга оширилади. Туман (шаҳар) ҳокими билан тузилган ер участкасининг ижара шартномаси асосида берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади.

Лизинг шартномасига мувофиқ лизингга олинган кўчмас мулк объектлари бўйича лизинг олувчи ер солиғи тўловчиси деб эътироф этилади.

Ер солиғини тўлаш

Ер солиғи календарь йил учун йилнинг 1 январига бўлган ҳолатга кўра ҳисоблаб чиқарилади.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун ҳисобланган солиқ суммаси 20 январидан кечиктирмай солиқ органига тақдим этилади. Солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

  • айланмадан солиқ тўловчилар учун − йиллик солиқ суммасининг тўртдан бир қисми миқдорида, ҳар чорак учинчи ойининг 20-санасидан кечиктирмай
  • бошқа солиқ тўловчилар учун — йиллик солиқ суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида, ҳар ойнинг 10-санасидан кечиктирмай (январь ойи учун 20 январдан кечиктирмай)

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳисобланган солиқ суммаси 1 майидан кечиктирмай солиқ органига тақдим этилади. Солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

  • йилнинг 1 сентябрига қадар — йиллик солиқ суммасининг 30%
  • йилнинг 1 декабрига қадар — солиқнинг қолган суммаси

Ер солиғи бўйича имтиёзлар

Солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига қуйидаги ерлар киради:

  • маданият, таълим, соғлиқни сақлаш (туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари банд қилган ерлар мустасно) ва ижтимоий таъминот объектлари эгаллаган ерлар
  • спорт ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш мажмуалари, ўқув-машқ базалари ва болалар-соғломлаштириш оромгоҳлари эгаллаган ерлар
  • сувни тежайдиган (томчилатиб, ёмғирлатиб ва бошқа) суғориш технологиялари жорий этилган ерлар — суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан 5 йил муддатга
  • қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан 5 йил мобайнида
  • мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, ишлар бошланганидан эътиборан 5 йил муддатга
  • янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар — 5 йил муддатга

Қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланадиган энергия манбалари (номинал қуввати 0,1 МВт ва кўпроқ) ускуналари эгаллаган ер участкалари бўйича улар ишга туширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга ер солиғидан озод этилади.

Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.