TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Мол-мулк ва ер солиғи
Барча мақолалар

Мол-мулк солиғи

Ўзбекистон ҳудудида кўчмас мулкка эга бўлган тадбиркорлик субъектлари мол-мулк солиғини тўлайди. Кўчмас мулк жумласига қуйидагилар киради:

  • бинолар ва иншоотлар
  • темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари
  • қурилиши тугалланмаган объектлар (агар лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиш тугалланмаган бўлса)
  • қурилиш ташкилотлари балансида кейинчалик сотиш учун кўрсатилган турар жой кўчмас мулк объектлари (кўчмас мулк объекти фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтгач)

Агар тадбиркорлик субъекти кўчмас мулкни лизингга олган бўлса, у ҳам мол-мулк солиғини тўловчи деб эътироф этилади.

Солиқ ҳисоботи йилда бир марта, кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тақдим этилади.

Мол-мулк солиғи ставкалари

Қурилиши тугалланмаган объектлар учун мол-мулк солиғи ставкаси 3% этиб белгиланган. Темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари учун 0.6%.

Бино-иншоотлар ва бошқа кўчмас мулк объектлари учун 1.5%.

Мол-мулк солиғини ҳисоблаш

Мол-мулк солиғи кўчмас мулкнинг амортизация харажатлари чегирилган ҳолдаги ўртача йиллик қолдиқ қиймати асосида ҳисобланади.

Солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида 1 кв. метр учун кўчмас мулк объектининг қиймати қуйидаги энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас:

Ҳудуд Энг кам қиймат
Тошкент шаҳрида 2 миллион 500 минг сўм
Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида 1 миллион 500 минг сўм
Бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 1 миллион сўм

Агар объектнинг 1 кв. метри қиймати энг кам қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли.

Қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда қурилиш ташкилотлари балансидаги турар жой объектлари бўйича мол-мулк солиғи мазкур объектларнинг ўртача йиллик қиймати асосида ҳисобланади.

Мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар

Қуйидаги кўчмас мулк объектлари бўйича мол-мулк солиғи базаси камайтирилади:

  • маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш (туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари мустасно), жисмоний тарбия ва спорт объектлари
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулк
  • янги нефть ва газ қудуқлари — фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 2 йил муддатга

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, улар фойдаланишга жорий этилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга мол-мулк солиғидан озод этилади.