Трансферт нарх ва солиқ назорати
Ўзаро алоқадор тарафлар ёки ташқи савдо иштирокчилари ўртасидаги битимларда шаклланадиган ва холис тарзда шаклланадиган нархдан (бозор нархидан) пасайтирилган нарх - трансферт нарх деб тушунилади.
Битимнинг тарафларидан бири томонидан олиниши мумкин бўлган, лекин трансферт нархни белгилаш натижасида ололмаган ҳар қандай даромадлар солиқ назорати остига тушади. Текширув доирасида аввалги 3 календарь йилдан ошмайдиган даврда тузилган битимлар текширилиши мумкин.
Трансферт нархни белгилаш бўйича солиқ назорати доирасида фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва акциз солиғининг тўлиқ ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши текширилади.
Қуйидаги турдаги битимлар трансферт нархни белгилаш бўйича солиқ назорати остига тушади:
- ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги назорат қилинадиган битимлар
- назорат қилинадиган ташқи савдо битимлари
Мисол учун, агар айни бир шахс бевосита ёки билвосита бир нечта компанияларда иштирок этса ва ҳар бир компаниядаги улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса, мазкур компаниялар ўзаро алоқадор деб тан олинади.
Солиқ суммасига мустақил тузатиш киритиш
Агар трансферт нархнинг белгиланиши бир ёки бир нечта солиқнинг суммалари камайтирилишига олиб келса, солиқ назорати чоралари қўлланилишидан олдин солиқ тўловчи мустақил равишда солиқларнинг суммасига тузатишлар киритишга ҳақли.
Бундай тузатиш киритиш солиқ даврини ўз ичига олувчи календарь йил ўтгач амалга оширилади.
Назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги хабарнома
Солиқ тўловчи солиқ органини календарь йил лавомида тузган назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабардор қилиши шарт. Хабарнома йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай жўнатилиши лозим.
Назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарнома my3.soliq.uz орқали жўнатилади.
Солиқ тўловчи солиқ органи талабига кўра мазкур талабда кўрсатилган назорат қилинадиган битимга (бир турдаги битимлар гуруҳига) тааллуқли ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Талаб қилинаётган ҳужжатлар талабнома олинган кундан эътиборан 30 календарь кун ичида солиқ тўловчи томонидан тақдим этилади.
Жавобгарлик
Назорат қилинадиган битимларда трансферт нархнинг шаклланиши натижасида солиқ суммаларини солиқ тўловчи томонидан тўламаганлик ёки тўлиқ тўламаганлик — тўланмаган солиқ суммасининг 40% миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун пеня ҳисобланиши мумкин.
Ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги назорат қилинадиган битимлар
Ўзбекистон солиқ резиденти бўлган ўзаро алоқадор шахслар ўртасида тузилган ва календарь йилдаги даромадлар суммаси (битимлар нархларининг суммаси) 5 миллиард сўмдан ошган битим - назорат қилинадиган битим деб эътироф этилади.
Шунингдек, ўзаро алоқадор шахслар ўртасида тузилган, календарь йилдаги даромадлар суммаси (битимлар нархларининг суммаси) 500 миллион сўмдан ошган ва қуйидаги талаблардан ҳеч бўлмаганда биттасига жавоб берадиган битим - назорат қилинадиган битим деб эътироф этилади:
- битимнинг битта тарафи махсус солиқ режимини қўлласа ёки махсус иқтисодий зона иштирокчиси бўлса, ва бошқа тараф махсус солиқ режимларини қўлламаса
- битимнинг битта тарафи фойда солиғини тўлашдан озод этилган бўлса, пасайтирилган солиқ ставкани ёки бошқа солиқ имтиёзларини қўлласа, ва бошқа тараф бундай солиқни тўлашдан озод этилмаган бўлса ва имтиёзларни қўлламаса
- битимнинг тарафларидан бири томонидан қазиб олинган фойдали қазилма битим предмети бўлса, агар ушбу фойдали қазилмага нисбатан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг адвалор солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса
Солиқ тўловчилар солиқ органларини календарь йилда ўзлари тузган назорат қилинадиган битимлар тўғрисида йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай хабардор қилиши шарт.
Назорат қилинадиган ташқи савдо битимлари
Назорат қилинадиган ташқи савдо битимлари деб қуйидагилар эътироф этилади:
- ўзаро алоқадор (боғлиқ) шахслар ўртасидаги битимлар
- жаҳон биржа савдоси товарларининг (рангли металлар, қимматбаҳо металлар, минерал ўғитлар, углеводород хом ашёси ва нефть маҳсулотлари, пахта толаси ва калава ип) ташқи савдоси соҳасидаги битимлар
- тарафларидан бирининг рўйхатдан ўтказилиш жойи, яшаш жойи ёки солиқ резидентлиги жойи офшор юрисдикция бўлган шахс ҳисобланадиган битимлар
Офшор юрисдикциялар деб солиқ солиш бўйича имтиёзли режимни тақдим этадиган ёки молиявий операцияларни амалга оширишда ахборотни ошкор этишни ҳамда тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатлар ва ҳудудлар эътироф этилади.
Солиқ тўловчилар солиқ органларини календарь йилда ўзлари тузган назорат қилинадиган битимлар тўғрисида йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай хабардор қилиши шарт.
Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.