TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Солиқ тўлашдан қочиш ва солиқ текширувлари
Барча мақолалар

Солиқ текширувлари

Агар солиқ тўловчининг ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлса, унинг бундай ҳаракатлари ҳуқуқни суистеъмол қилиш деб эътироф этилади.

Ҳуқуқ суистеъмол қилинган ҳолларда, солиқ органлари солиқ тўловчи томонидан тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бундай суистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли.

Ҳуқуқни суистеъмол қилишнинг, битим қалбакилиги (кўзбўямачилик учун тузилганлиги) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.

Лозим даражада эҳтиёткорлик қилиш мажбурияти

Солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шарт.

Агар солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ тўловчи томонидан ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар) солиқ солиш мақсадида тан олинмайди.

Солиқ текширувини ўтказиш талаблари

Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади. Солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:

  • камерал солиқ текшируви
  • сайёр солиқ текшируви
  • солиқ аудити

Солиқ текшируви олдинги 5 йиллик даврга нисбатан ўтказилиши мумкин.

Солиқ назорати материаллари солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органида текширув тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилиши керак.

Солиқ тўловчи тўғрисида қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа ахборот ушбу шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўлмайди.

Солиқ органи тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.

Камерал солиқ текшируви

Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.

Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг ёки раҳбар ўринбосарининг буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр ҳамда текширилаётган солиқлар турлари кўрсатилади.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан тақдим этилган солиқ ҳисоботига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраб олиши мумкин. Сўралган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ органига тегишли сўров олинган кундан эътиборан 5 кун ичида тақдим этилиши керак.

Камерал солиқ текширувининг умумий муддати 60 кундан ошиши мумкин эмас (қўшилган қиймат солиғини қайтариш юзасидан - 30 кун).

Камерал солиқ текшируви давомида солиқ тўловчининг ҳудудлари ва биноларини кўздан кечириш 1 иш куни давомида ўтказилади.

Сайёр солиқ текшируви

Сайёр солиқ текшируви чоғида товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади. Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органи профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ҳақли.

Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг ёки раҳбари ўринбосарининг буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.

Сайёр солиқ текшируви 10 кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади. Солиқ тўловчига сайёр солиқ текшируви далолатномасини топширилган кун сайёр солиқ текшируви муддатининг тугаши деб ҳисобланади.

Ҳудудни ва биноларни кўздан кечириш видеотасвирга олинган ҳолда амалга оширилади, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса — холислар иштирокида амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти солиқ органининг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:

  • текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда
  • текширув Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома текширувчи шахсда мавжуд бўлмаганида

Солиқ аудити

Солиқ аудити муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текширишдан иборат. Солиқ аудити юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига нисбатан ўтказилади.

Солиқ аудити охирги ўтказилган солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин, лекин бу муддат сўнгги 5 йилдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида 30 календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади. Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати кўрсатилади.

Қоида тариқасида, солиқ аудити 30 кундан ортиқ давом этмайди. Солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати 2 ойгача, алоҳида ҳолларда эса 3 ойгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ текширувини мансабдор шахсларининг текширилаётган шахснинг ҳудудига ёки биносига кириши ушбу шахслар томонидан хизмат гувоҳномалари ва солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи тақдим этилган тақдирда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти солиқ органининг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:

  • текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда
  • текширув Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома текширувчи шахсда мавжуд бўлмаганида

Ҳудудни ва биноларни кўздан кечириш видеотасвирга олинган ҳолда амалга оширилади, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса — холислар иштирокида амалга оширилади.

Солиқ аудити натижаларига кўра солиқ органи мансабдор шахслари томонидан солиқ аудити далолатномаси тузилиши керак. Солиқ аудити далолатномасининг барча нусхалари солиқ органининг солиқ аудитини ўтказган мансабдор шахслари томонидан имзоланади. Солиқ аудити далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига текширув тугаганидан кейин 3 кун ичида топширилади.

Солиқ тўловчи далолатноманинг нусхаларига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт. Солиқ тўловчининг солиқ аудити далолатномасидаги имзоси унинг солиқ аудити натижаларига розилигини билдирмайди.

Солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасида баён этилган фактларга ёки текширувчиларнинг хулосаларига рози бўлмаган тақдирда, солиқ аудити далолатномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида солиқ органига мазкур далолатнома бўйича ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.

Солиқ органи томонидан жўнатилган хабарлар

Солиқ органи ҳужжатларни электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг my.soliq.uz шахсий кабинетига юборади. Юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқилгандан кейин, лекин жўнатилган санадан эътиборан 3 кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетига кириш электрон рақамли имзо воситасида амалга оширилади. Электрон рақамли имзо солиқ тўловчига давлат хизматлари маркази орқали берилади.

Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар буюртма хат қилиб почта орқали юборилади ва улар жўнатилганидан сўнг 5 кундан кейин солиқ тўловчи томонидан олинган деб ҳисобланади.

Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.