TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва жавобгарлик
Барча мақолалар

Солиқ қарзини ундириш

Тадбиркорлик субъектидан солиқ қарзини ундириш дастлаб унинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан, улар етишмаган тақдирда эса мазкур шахснинг бошқа мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.

Агар солиқ тўловчи солиқ текшируви тўғрисида билган пайтдан эътиборан ўзининг пул маблағларини ёки бошқа мулкини ўзга шахсларга берган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ қарзи шу шахслардан ундирилиши мумкин.

Солиқ қарзини ундириш солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг ҳисобварағи очилган банкка пул маблағларини бюджетга ўтказиш учун инкассо топшириқномасини юбориш йўли билан амалга оширилади. Солиқ органининг инкассо топшириқномаси солиқ тўловчининг ҳисобварағига солиқни тўлаш учун белгиланган муддат тугагач 3 иш кунидан кечиктирмай қўйилади.

Солиқ қарзини ундириш миллий валютадаги ҳисобварақлардан, бундай ҳисобварақларда маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса чет эл валютасидаги ҳисобварақлардан амалга оширилиши мумкин. Солиқ қарзини ундириш муддатли депозитларга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амалга оширилмайди.

Агар банк томонидан солиқ органининг инкассо топшириқномаси олинган кунда солиқ тўловчининг ҳисобварақларида пул маблағлари етарли бўлмаса, инкассо топшириқномаси шу ҳисобварақларга пул маблағлари келиб тушишига қараб ижро этилади.

Агар солиқ қарзини банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари билан ундириш мумкин бўлмаса, солиқ органи солиқ қарзини шу мажбуриятга эга шахснинг бошқа мол-мулки, шу жумладан нақд пул маблағлари ҳисобидан ундиришга ҳақли. Солиқ тўловчининг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарздорлиги тан олинса, солиқ органи қарорига биноан солиқ тўловчининг мулки ҳисобидан солиқ қарздорлиги ундирилиши мумкин.