TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва жавобгарлик
Барча мақолалар

Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш

Солиқ органининг солиқ қарзини ундиришни таъминлаш учун солиқ тўловчи мол-мулкига нисбатан мулк ҳуқуқини чеклашга доир ҳаракати мол-мулкни хатлашдир. Солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича унинг мол-мулкини хатлаш солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган кундан бошлаб 15 календарь кун ичида у томонидан тўлиқ бажарилмаган тақдирда амалга оширилади.

Мол-мулкни хатлаш солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларида пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда солиқни (пеняни, жаримани) тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун қўлланилиши мумкин.

Солиқ қарзи бўйича солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш суд қарорига кўра амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзи тан олинган тақдирда, солиқ органи қарори асосида солиқ тўловчининг мол-мулкига тақиқ қўйилиши мумкин.

Фақат солиқ қарзини узиш учун зарур ва етарли бўлган мол-мулк хатлаб қўйилиши лозим.

Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш видеотасвирга олинган ҳолда, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса — холислар иштирокида амалга оширилади. Хатлашни амалга оширишда мол-мулкни хатлаш тўғрисида баённома тузилади.