TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва жавобгарлик
Барча мақолалар

Банк операцияларини тўхтатиб туриш

Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши банклар томонидан солиқ тўловчининг барча чиқим операциялари тўхтатиб турилишини англатади.

Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан 10 кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилиниши мумкин.

Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни 10 кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор суд томонидан солиқ органининг илтимосномасига асосан қабул қилиниши мумкин. Бунда солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича операциялари суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилади.

Тадбиркорлик субъектининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

  • солиқ органига молиявий ёки солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин 10 кун ичида тақдим этилмаганда
  • солиқ тўловчи томонидан солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномасига тушунтиришлар ёки тузатишлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда
  • солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини кўрсатилган ҳудудга ёки бинога киришига тўсқинлик қилишда
  • солиқ тўловчининг ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида

Банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши биринчи навбат тўловларга (меҳнат муносабатларига оид тўловлар, алиментларни ундириш, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш) нисбатан татбиқ этилмайди.

Агар солиқ органи солиқ тўловчининг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида ноқонуний қарор чиқарган бўлса, музлатилган пул маблағлари суммасига нисбатан операциялар тўхтатиб турилган ҳар бир календарь кун учун солиқ тўловчига тўланиши лозим бўлган фоизлар ҳисобланади.

Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш

Солиқ органининг солиқ қарзини ундиришни таъминлаш учун солиқ тўловчи мол-мулкига нисбатан мулк ҳуқуқини чеклашга доир ҳаракати мол-мулкни хатлашдир. Солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича унинг мол-мулкини хатлаш солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган кундан бошлаб 15 календарь кун ичида у томонидан тўлиқ бажарилмаган тақдирда амалга оширилади.

Мол-мулкни хатлаш солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларида пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда солиқни (пеняни, жаримани) тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун қўлланилиши мумкин.

Солиқ қарзи бўйича солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш суд қарорига кўра амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзи тан олинган тақдирда, солиқ органи қарори асосида солиқ тўловчининг мол-мулкига тақиқ қўйилиши мумкин.

Фақат солиқ қарзини узиш учун зарур ва етарли бўлган мол-мулк хатлаб қўйилиши лозим.

Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш видеотасвирга олинган ҳолда, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса — холислар иштирокида амалга оширилади. Хатлашни амалга оширишда мол-мулкни хатлаш тўғрисида баённома тузилади.

Солиқ қарзини ундириш

Тадбиркорлик субъектидан солиқ қарзини ундириш дастлаб унинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан, улар етишмаган тақдирда эса мазкур шахснинг бошқа мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.

Агар солиқ тўловчи солиқ текшируви тўғрисида билган пайтдан эътиборан ўзининг пул маблағларини ёки бошқа мулкини ўзга шахсларга берган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ қарзи шу шахслардан ундирилиши мумкин.

Солиқ қарзини ундириш солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг ҳисобварағи очилган банкка пул маблағларини бюджетга ўтказиш учун инкассо топшириқномасини юбориш йўли билан амалга оширилади. Солиқ органининг инкассо топшириқномаси солиқ тўловчининг ҳисобварағига солиқни тўлаш учун белгиланган муддат тугагач 3 иш кунидан кечиктирмай қўйилади.

Солиқ қарзини ундириш миллий валютадаги ҳисобварақлардан, бундай ҳисобварақларда маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса чет эл валютасидаги ҳисобварақлардан амалга оширилиши мумкин. Солиқ қарзини ундириш муддатли депозитларга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амалга оширилмайди.

Агар банк томонидан солиқ органининг инкассо топшириқномаси олинган кунда солиқ тўловчининг ҳисобварақларида пул маблағлари етарли бўлмаса, инкассо топшириқномаси шу ҳисобварақларга пул маблағлари келиб тушишига қараб ижро этилади.

Агар солиқ қарзини банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари билан ундириш мумкин бўлмаса, солиқ органи солиқ қарзини шу мажбуриятга эга шахснинг бошқа мол-мулки, шу жумладан нақд пул маблағлари ҳисобидан ундиришга ҳақли. Солиқ тўловчининг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарздорлиги тан олинса, солиқ органи қарорига биноан солиқ тўловчининг мулки ҳисобидан солиқ қарздорлиги ундирилиши мумкин.

Солиқ органи ҳаракатлари устидан шикоят бериш

Ҳар бир шахс солиқ органи қарорлари, мансабдор шахслар ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга. Солиқ органларининг қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади. Сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан шикоят шахс ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан 1 ой ичида берилиши мумкин.

Юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят бериш шикоят қилинаётган қарорни ёки ҳаракатни ижро этишни, шу жумладан қўшимча ҳисобланган солиқлар ва молиявий санкциялар қўлланилишини тўхтатиб туради.

Солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарори юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан бекор қилинган тақдирда, ноқонуний ундирилган суммалар фоизи билан қайтарилиши лозим.

Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.