TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқларни қайтариш
Барча мақолалар

Ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқни қайтариш талаблари

Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммаси, солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда, шу солиқ тўловчига қайтарилиши ёхуд ушбу солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши лозим.

Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин.

Солиқларнинг ортиқча тўланганидан далолат берувчи фактлар аниқланган тақдирда, солиқ тўловчининг таклифига кўра солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китобларни солиқ органи билан биргаликда солиштириш ўтказилиши мумкин.

Солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси ушбу қарзни узиш ҳисобига қуйидаги кетма-кетликда ҳисобга олиниши лозим:

  • мазкур солиқ турининг пеняси бўйича қарзни узиш учун
  • бошқа солиқлар ва уларнинг пенялари бўйича қарзни узиш учун
  • солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш учун

Ортиқча тўланган солиқни қайтариш

Солиқ тўловчи ўзи ортиқча тўлаган солиқ суммасини қайтариш тўғрисида ёки унинг бошқа солиқ қарзини қоплаш учун ҳисобга олиш тўғрисида солиқ органига ёзма ариза тақдим этиши мумкин.

Солиқ органининг ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш ёки бошқа солиқ қарзини қоплаш учун ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан эътиборан ёки солиқ органи солиқ тўловчи билан биргаликда тўланган солиқларнинг ўзаро солиштириш далолатномасини имзолаган кундан эътиборан 10 кун ичида қабул қилинади.

Агар ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига қайтариш белгиланган муддат бузилган ҳолда амалга оширилса, белгиланган муддатда қайтарилмаган ҳар бир календарь кун учун фоизлар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.

Ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисидаги ариза, ортиқча сумма тўланган кундан эътиборан 5 йил ичида берилиши мумкин.

Ортиқча ундирилган солиқни қайтариш

Ортиқча ундирилган солиқ суммаларини қайтариш ёки бошқа солиқ қарзини қоплаш учун ҳисобга олиш тўғрисида ариза солиқ тўловчи томонидан ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суд қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 5 йил ичида солиқ органига берилиши мумкин.

Ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчига унинг ёзма аризаси қабул қилинган кундан эътиборан 15 кун ичида, ҳисобланган фоизлар билан бирга қайтарилиши лозим. Ҳисобланган фоизлар бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.

Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 30 кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ортиқча солиқ ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқда қайтарилган ёки бошқа солиқ қарзини қоплаш учун ҳисобга олинган кунга қадар ҳисобланади.

Ушбу вебсайтдаги маълумотлар юридик ёки профессионал маслаҳат эмас. Бу ерда келтирилган барча маълумотлар фақат умумий танишиш учун мўлжалланган ва аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Агар сизга профессионал маслаҳат керак бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг.