TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Меҳнат интизоми ва жавобгарлик
Барча мақолалар

Ишчининг моддий жавобгарлиги

Ишчи иш берувчига тўғридан-тўғри етказилган ҳақиқий зарарнинг (мол-мулкка зарар етказиш ва ҳоказо) ўрнини қоплаши шарт. Бой берилган фойда ишчидан ундирилмайди. Зарар етказилгандан кейин меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ушбу шартнома тарафини моддий жавобгарликдан озод этмайди.

Зарар бартараф этиб бўлмайдиган куч, нормал хўжалик таваккалчилиги ёки зарурий мудофаа оқибатида юзага келган ҳолларда ишчи моддий жавобгар бўлмайди.

Ишчи ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида моддий жавобгар бўлади. Тўлиқ моддий жавобгарлик қуйидаги ҳолларда ишчининг зиммасига юклатилади:

  • тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида ўзига ишониб топширилган қимматликларнинг камомадида
  • ишчи томонидан товар-моддий қимматликларни олиш ишончномаси бўйича олинган бойликларнинг бут сақланиши таъминланмаганда
  • қасддан зарар етказилганда
  • алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда
  • ишчининг суд томонидан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида зарар етказилганда
  • тижорат, хизмат сирини ёки бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар ошкор қилинганда
  • ишчи меҳнат мажбуриятларини бажармаган тақдирда зарар етказилганда

Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиладиган ишчиларнинг тоифалари рўйхати касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга биноан иш берувчи томонидан белгиланади.

Ишчи томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги меҳнат низолари бевосита судда кўриб чиқилади. Иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан 1 йил ичида судга оширилиши мумкин.