TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Ишчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари
Барча мақолалар

Чет эл фуқаросининг Ўзбекистонда меҳнат қилиши

Ўзбекистон ҳудудида вақтинчалик ёки доимий яшовчи ва яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик амал қилади.

Меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари 18 ёшга тўлганида ишчи сифатида меҳнат муносабатларига киришиш ҳуқуқига эга.

Чет эл фуқаролари ваколатли давлат органи томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш тасдиқномаси асосидагина меҳнат қилиш ҳуқуқига эга.

Агар чет эл фуқароси Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлса, ундан Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш тасдиқномасини олиш талаб қилинмайди.

Ўзбекистон ҳудудига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқига эга. Чет эл фуқароси билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш тасдиқномасининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаслиги керак.