TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Ишга қабул қилиш
Барча мақолалар

Ишга қабул қилиш чоғидаги дастлабки синов

Меҳнат шартномаси ишчининг ишга мувофиқлигини текшириш мақсадда дастлабки синов билан тузилиши мумкин. Дастлабки синовдан ўтиш меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши керак. Бундай шартлашув мавжуд бўлмаган тақдирда, ишчи дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.

Дастлабки синов муддати 3 ойдан ошмаслиги керак. Компания раҳбарлари ва ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда бўлинмаларнинг раҳбарлари учун эса 6 ойдан ошмаслиги керак. Дастлабки синов даври меҳнат стажига, шу жумладан ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилади.

Дастлабки синов муддати тугагунига қадар иш берувчи ёки ишчи камида 3 кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Қуйидагилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди:

  • ҳомиладор аёл
  • 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл
  • 3 ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий)
  • давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 3 ой ичида йўлланма бўйича ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари
  • тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 1 йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари
  • 6 ойгача муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилаётган ишчилар
  • иш берувчи илгари меҳнат шартномасини бекор қилган ишчилар ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда
  • 18 ёшга тўлмаган шахслар

Ишчи иш берувчи томонидан бошқа ишга (лавозимга) ўтказилаётганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмайди.