TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Ишга қабул қилиш
Барча мақолалар

Ишчини ишга қабул қилиш

Ишчини ишга қабул қилишга, қоида тариқасида, 16 ёшдан йўл қўйилади. 18 ёшгача бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади.

Ишга қабул қилиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

  1. ишга қабул қилиш чоғидаги таништириш, суҳбат ва танлов (иш берувчи хоҳишига кўра)
  2. меҳнат шартномаси шартлари бўйича тарафларнинг келишувга эришиши ҳамда шартномани иш берувчи ва ишчи томонидан имзоланиши
  3. иш берувчи томонидан ишчини ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилиниши ҳамда ишга қабул қилиш ҳақидаги маълумотларни ишчининг меҳнат дафтарчасига my.mehnat.uz миллий меҳнат тизими орқали расмийлаштириш

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинган ишчилар учун меҳнат дафтарчалари юритилмайди, лекин my.soliq.uz дастури орқали ишчилар рўйҳатга қўйилади.

Ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ишчига имзо қўйдириб эълон қилинади. Буйруқ чиқариш учун ишчи билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.

Меҳнат шартномаси камида 2 нусхада ёзма шаклда тузилиб, уларнинг ҳар бири иш берувчи ва ишчи томонидан имзоланади. Меҳнат шартномасининг бир нусхаси ишчига берилади. Ишчи меҳнат шартномасининг нусхасини олганлигини алоҳида имзо билан тасдиқлайди.

Агар компанияда жамоа шартномаси қабул қилинган бўлса, меҳнат шартномасини тузишда иш берувчи ишга қабул қилинаётган ишчини жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.