TAX & LEGAL UZBEKISTAN
Иш вақти ва дам олиш
Барча мақолалар

Йиллик меҳнат таътиллари

Иш берувчи ишчиларга қонунчиликда кафолатланганидан кам бўлмаган таътиллар берилишини таъминлаши шарт. Таътилларда бўлган даврда ишчи билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Барча ишчилар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиганлар ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Меҳнат таътили давомида ишчига ўртача иш ҳақи тўланади.

Ҳар йилги энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади. Биринчи иш йили учун меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ишчида 6 ой ишлагандан кейин юзага келади.

Ёши, соғлиғининг ҳолатини ёки меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда, айрим тоифадаги ишчиларга йиллик узайтирилган ёки қўшимча таътиллар берилиши лозим.

Ишчига у битта компанияда ишлаган ҳар 5 йил учун давомийлиги 2 календарь кун бўлган, бироқ жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак. Ишлаб чиқариш сабабларига кўра жорий йилда меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган ҳолларда, ишчининг розилиги билан таътилнинг 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишчига барча фойдаланилмаган ҳар йилги меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланиши лозим.

Меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди.

Меҳнат таътилидан чақириб олишга фақат ишчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Ижтимоий таътиллар

Ишчиларга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътиллар ижтимоий таътиллардир.

Ишчилар қуйидаги ижтимоий таътилларни олиш ҳуқуқидан фойдаланади:

  • ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари
  • бола парваришлаш таътили
  • ўқув таътили
  • ижодий таътиллар

Кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, иш берувчи ишчига ижтимоий таътил бериши шарт. Ижтимоий таътиллар ҳар йилги меҳнат таътилидан ташқари берилади.

Ишчи ўқув таътилида ёки ижодий таътилда бўлган вақтида унинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади (бундан олий таълим ташкилотларига ўқишга кирганда бериладиган таътил мустасно).

Аёл туғишдан олдинги ва туғишдан кейинги таътилда бўлган вақтида унга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.

Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлган даврида болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига болани парваришлаш нафақаси тўланади.